Мутахассис билан суҳбат – Банк инқирозга учраса, омонатни ким тўлайди?

Мутахассис билан суҳбат – Банк инқирозга учраса, омонатни ким тўлайди?

Сўнгги кунларда айрим банкларнинг пластик карточкаларидан маблағларнинг ечиб олингани банкларга омонат қўювчи аҳоли ўртасида турли-туман миш-миш ва ваҳималарнинг пайдо бўлишига ҳам сабаб бўлди. Айримлар киберҳужумлардан қўрқиб қўйган омонатини қайтариб олиш ҳақида ҳам ўйлай бошлашди.
 
 
 

 


Шу ўринда савол туғилади: банклардаги аҳоли омонатлари қанчалик хавфлардан ҳимояланган? Банкларнинг тугатилиши ёки киберҳужумлар билан боғлиқ ҳолатларда улар қай даражада эгаларига қайтарилади? Айни пайтда омонатларнинг кафолатланишига оид янги ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳаси билан маданиятли омонат бозорини ярата оламизми? Омонатларни кафолатлаш фонди раҳбари Нодир Аббосов билан бўлган суҳбатда шу саволларга жавоб қидирдик.


– Нодир ака, аввало фонд фаолияти ҳақида гапириб берсангиз. Қачон ташкил этилган, қандай иш юритилади? Фондга аъзо бўлиш тартиби ҳақида ҳам.


– Омонатларни кафолатлаш фонди 2002 йилда ташкил этилган бўлиб, «Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга асосан фаолият юритади. Айни пайтда Марказий банкдан фаолият кўрсатиши учун лицензия олган, хусусан, омонатлар қабул қилиш учун рухсати бор 34 та банк аъзоларимиз ҳисобланади. Тартибга кўра, янги очилаётган банк аъзоларимиз сафига кириши учун Фонд реестрига кириши лозим. Бунинг учун Марказий банкдан молиявий операцияларини амалга ошириш лицензиясини олган банк ва Фонд ўртасида ёзма битим тузилади. Сўнг банк томонидан Фондга устав капиталининг 0,1 фоизи миқдорида бир йўла тўланадиган бадал тўланади. Шу билан бирга Фондга ҳар чоракда “календарь бадали” ҳам тўлаб борилади. У банклар томонидан кафолатланиши лозим бўлган фуқаролар омонатларининг йил чорагидаги амалдаги қолдиғига қараб тўланади ва кузатув Кенгаши томонидан белгиланади. Аммо омонатлар суммасининг 0,5 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда бўлиши лозим. Бунинг эвазига Фонд банкларнинг омонатларни тўлаб беришга лаёқатсиз бўлиб қолганида, мавжуд қонунчиликка асосан, фуқароларнинг омонатлари бўйича ҳақларини тўлаб беради.


Ўтган 2022 йилда юртимиздаги «Туркистонбанк» банкротлик ҳолатига келиб қолгани боис, Марказий банк томонидан банк операцияларини бажариш учун берилган лицензияси олиб қўйилди. Унинг 39 мингга яқин омонатчиларининг омонатлари бўйича ҳақ Фонд томонидан юз фоиз, яъни, 300 миллиард сўмга яқин маблағ тўлаб берилди. Ташкил этилганимизга 21 йил бўлган бўлса, ўтган давр ичида Фондга аъзо банклар орасида биринчи марта банкнинг тўловга лаёқатсизлик ходисаси рўй берди. Айтиб ўтиш керакки, Марказий банк томонидан тўғри ва оқилона сиёсат олиб борилгани ҳисобига узоқ давр давомида банкларнинг банкротлик ҳолати юзага келмади.


– Дунё тажрибасида омонатларни кафолатлаш 140 тага яқин давлатларда мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи чекланган кафолатлаш тизими бўйича иш юритади. Беларусь, Туркманистон ва Ўзбекистондагина 100 фоиз кафолатлаш усули мавжуд экан. Буни қандай тушунсак бўлади?


– Фонд ташкил этилганидан бошлаб 2008 йилгача омонатларнинг кафолатланиши энг кам иш ҳақининг 250 баробаригача бўлган. 2008 йилги жаҳон иқтисодий инқирози даврида барча давлатларда бўлгани каби бизда ҳам аҳолининг банкларга бўлган ишончи тушиб кетмаслиги, қолаверса, инқироз даврида омонатларни ишончли кафолатлаш мақсадида юртимизда вақтинчалик 100 фоиз кафолатлаш усулига ўтилди ва ўша усул ҳозирги пайтгача сақланиб қолди. Бу усулда аҳоли омонатлари тўлиқ кафолатланса-да, аммо бу ҳолатда бир қатор камчиликлар ҳам мавжуд.


Биринчидан, банклар омонатларни сақлаш борасида бош қотирмасдан, ўзлари боқиманда кайфиятда бўлиб қоладилар. Омонатларни қайтариш фонд зиммасида бўлгани боис, банк томонидан юқори таваккалчиликка асосланган операцияларга «қўл уриш», масъулиятсизлик қилиш авж олиши мумкин. Оқибатда фуқароларнинг маблағлари хавф остида қолади. Чунки банкларда «Фонд омонатчиларнинг маблағларини қоплаб беради-ку» деган тушунча пайдо бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Жаҳон банки тамойиллари бўйича чекланган кафолатлаш тизими кенг ўрин эгаллаган. Тизимнинг бу кўриниши омонатчиларнинг кўп қисмини қамраб олади. Шу ўринда Фонднинг маблағлари бир вақтда бир нечта банклар бўйича омонатларини қоплаб бериш учун етарли бўлмаслиги мумкин. Натижада одамлар омонатларини қайтариб олиш билан муаммоларга дуч келадилар. Дунё тажрибасида омонатларни кафолатлаш тизимининг чекланган усули тарғиб қилинганки, бу усулда омонатларнинг асосий қисми Фонд томонидан қоплаб берилса, қолган қисмининг қайтарилиш масъулияти банкларнинг зиммасига тушади. Биз ҳам аста-секин омонатларни кафолатлашнинг шу усулига ўтиш йўлидамизАйни пайтда омонатларни кафолатлашга оид янги қонун лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда ва унга шу каби кўпгина ўзгаришлар киритилмоқда.


– Сўнгги пайтларда банкларга тегишли пластик карталаридан аҳолининг пул маблағлари ечиб олиниши ҳолатлари кузатилди. Бу одамлар орасида қўйилган омонатларга нисбатан ҳам хавотир ҳиссини уйғотмоқда. Омонатларга ўғирликлар ёки киберҳужумлар бўлганида уни ким тўлаб беради, банкми ёки омонатларни кафолатлаш фондими?


Сўнгги йилларда дунё тажрибасида ҳам бундай ҳолатлар кузитмоқда. Яъни, йирик ва ишончли банкларнинг ҳам ҳисоб рақамларидан ҳакерлар ёки банкда ишлаган собиқ ишчилар томонидан пул маблағларининг ўмарилиши, ўғирланиши ҳолатлари учрайди. Бундай хавфдан ҳеч ким холи эмас. Чунки ҳозир ахборот технологиялари асри. Бу билимни энг юксак даражада билган одамлар, хоҳласа уни яхшилик йўлида, хоҳласа фирибгарлик йўлида ҳам ишлатиши мумкин. Шу боис ҳозирги кунда бу жуда долзарб масала. Мавжуд қонунчиликка кўра, бундай ҳолатларда жабрланувчиларнинг маблағларини тиклаб бериш банк зиммасида. Фондимиз томонидан банк «банкрот» даражасига келиб қолган, тўлов қобилиятини амалга ошира олмаган тақдирдагина омонат эгаларига омонатлари компенсация қилиб тўлаб берилади. Аммо хавфсизлик ҳолатлари сабаб, омонатларга нисбатан ўғирликлар ва киберҳужумлар юз берганида, бу ҳолат тегишли идоралар томонидан ўрганилади. Тегишли масала бўйича айбдорлар топилиб, улар томонидан йўқотилган маблағлар тўлаб берилади.


– Юқорида янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини айтиб ўтдингиз. Мазкур лойиҳада қандай жиддий ўргаришлар бор? Келгусида ҳужжат тасдиқланса, у маданиятли омонат бозорини ташкил этишимизга нечоғли шароит яратади?


– Замон жуда тез ўзгармоқда. Шу боис омонатларни кафолатлаш тизимида ҳам янгиликлар кўп. Шу билан бирга янги кўринишдаги хавфлар ҳам. Шу боис лойиҳада дунё молия бозори тамойилларига тўғри келадиган, 99 фоиз омонатчининг омонатини қоплаб бериш имконини берадиган, банклар зиммасига ҳам масъулият юклайдиган тизим ва Фонд томонидан чекланган кафолатлаш усулига ўтилиши таклиф қилинмоқда. Шунингдек, кафолатлаш тизими юридик шахсларнинг омонатларини қамраб олиши ҳам кўзда тутилмоқда. Тўлов масаласида ҳам ижобий ўзгариш бор. Амалдаги қонунчиликка кўра омонатни тўлаб бериш ҳолати юзага келганда маблағни тўлаб беришнинг бошланиш муддати 2,5 ой этиб белгиланган эди. Лойиҳада эса бу муддатни босқичма-босқич 7 кунга қисқартириш назарда тутилмоқда.


Омонатларни кафолатлаш фондининг фаолияти “pay box” моделида бўлган бўлса, эндиликда лойиҳа қонунчиликда тасдиқланса, «pay box +» моделига ўтилади. Ҳозирда Фонд фақат пул маблағларини жамғариш орқали, банк омонатларини тўлаб бериш билан шуғуллланади. «pay box +» моделида эса нафақат омонатларни тўлаб бериш, балки банкларни соғломлаштириш фаолиятида иштирок этади. Сабаби банкнинг инқироз ҳолатига келганда, уларнинг омонатчиларига омонатлари бўйича ҳақ тўлашдан кўра, шу банкни олдиндан соғломлаштиришга, банкротликка етиб бормасдан “қутқариб қолиш” афзалроқ. Бу вазиятда, унинг инқирозга учрашининг олдини олишга камроқ маблағ сарфлангани мақсадга мувофиқ. Иккинчи томондан банк ёпилган тақдирда аҳоли ўртасида ваҳима уйғониш ҳавфи пайдо бўлади. Банк санацияси (соғломлаштирилиши) эса бу муаммонинг ҳам олдини олади.


Фонднинг банклар санациясида иштирок этиши ижобий натижалар беради. Энг муҳими, аҳоли маблағларининг қайтарилишига асос бўлувчи имкониятлар мустаҳкамланади.


 


Зебо НАМОЗОВА, Ishonch.uz.