Энг яхшилари аниқланди

 

 Мамлакатимиз Президентининг «Аҳолининг омонатларини жалб қилиш бўйича республика тижорат банклари ўртасида танлов ўтказиш тўғрисида» ги Қарорига мувофиқ республика тижорат банклари ўртасида 2015 йил якунларига кўра аҳоли бўш пул маблағларини банклардаги омонатларга жалб қилиш бўйича танлов ўтказилди.

 

Танловда жами 26 та тижорат банкининг 854 та филиали, 4 295 та мини-банки ҳамда махсус кассалари иштирок этди.

 

Танлов ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими Ташкилий қўмита раиси –Республика Марказий банки раиси Ф.Муллажонов бошчилигида Ўзбекистон банклари Ассоциациясида бўлиб ўтди.

 

Республикамиз тижорат банклари ўртасида аҳоли омонатларини жалб қилиш бўйича ҳар йили танлов ўтказилиши банкларнинг бу йўналишдаги фаолиятини янада жадаллашишига, банк хизматлари сифатининг ошиши ва турларини кенгайишига, жисмоний шахсларнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда янги омонат турларининг жорий этилиши ва кўпайишига олиб келди.

 

Шунингдек, танлов аҳолининг бўш пул маблағларини банклардаги омонатларга жалб қилишда тижорат банкларини рағбатлантириш, банкларнинг инвестицион имкониятларини янада кенгайтириш учун ресурс базаларини мустаҳкамлаш, омонатларни жалб этишда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда бу соҳада илғор халқаро тажрибани кенг жорий этишга хизмат қилмоқда.

 

Таъкидлаш жоизки, жисмоний шахсларнинг омонат ҳисобварақларига қўйиладиган маблағлари барча турдаги солиқлардан озод қилинган бўлиб, уларнинг манбалари декларация қилинмайди ҳамда ушбу маблағларни омонатчилар ҳеч қандай чекловларсиз тасарруф этадилар.

Шу билан бирга, фуқароларнинг тижорат банклари депозит ҳисобварақларидаги омонатлари тўла ҳажмда қоплаб берилиши кафолатланган.

 

Буларнинг барчаси банк тизимини янада ривожланишига ижобий таъсир кўрсатди. Бугун мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган тижорат банклари миллий ҳамда чет эл валютасида чекланмаган миқдорда ва муддатларда 250 дан ортиқ омонат турини аҳолига таклиф этмоқда. Депозитга қўйилаётган маблағларнинг миқдори охирги беш йилда 3,6 маротабага,2015 йилда эса 28 фоизга ошди.

 

Танлов ғолибларга мукофотлар Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси, Марказий банки, Ўзбекистон банклари Ассоциацияси, Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди ва тижорат банкларининг раҳбарлари иштирокида тантанали равишда ўтказилди.