Aҳолини кучли ижтимоий ҳимоялашнинг яна бир муҳим омили.

Маълумки, Она Ватанимизда мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга катта аҳамият берилиб, бу борада бир қатор фармон, қарор ва қонунлар қабул қилинди.

Бугун биз муштарийлар эътиборини жаҳон молиявий инқирози шароитида янада муҳим аҳамият касб этувчи Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига қаратмоқчимиз.

Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан 2002 йилнинг 4 апрелида қабул қилинган бўлиб, ундан кўзланган асосий мақсад, биринчидан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, яъни уларни банкларга бўлган қонуний талаб ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлса, иккинчидан, аҳолини юртимизда фаолият кўрсатаётган тижорат банкларига бўлган ишончини ошириш ва уларнинг қўлидаги банкдан ташқаридаги оборотда бўлган бўш пул маблағларини банкларга жалб қилиб, уларни иқтисодиётнинг реал секторига йўналтиришдир.

Ўн олти моддадан иборат бўлган ушбу қонун Ўзбекистонда фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш тизимини ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий асосларини белгилаб беради, шу жумладан Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш Фондини ташкил этиш, унинг фаолият юритиши, пул маблағларини шакллантириш ва ишлатиш, кафолатлаш шарти юз берганда омонатларни тўлаб бериш муносабатларини тартибга солади.

Мазкур қонун ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўзининг 2002 йил 19 сентябрдаги 326- сон қарори билан мамлакатимизда Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фондини ташкил қилди ва унинг асосий вазифаси этиб, аҳолини тижорат банкларидаги омонатларини кафолатлаш ва банкдан банк операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия чақириб олинган тақдирда, ундаги аҳоли омонатларини қонунда белгиланган миқдорда ва тартибда тўлаб беришдан иборат этиб белгиланди.

Ушбу Фонднинг фаолият юритаётганига етти йил тўлди. Мамлакатимизда банклар фаолияти устидан, яъни уларни очилиш даврида кадрлар малакасига қўйилган талаблар ва банклар фаолияти давомида белгиланган меъёрларга қатъий амал қилиниши банк тизимининг барқарор ривожланиб боришига замин яратди.

Жумладан, ўрнатилган қатъий назорат банкларни тўлов қобилиятини йўқотмаслигига ва улардан лицензия чақириб олиш ҳолларига йўл қўйилмаслигига эришилмоқда.

Аммо 2008 йилнинг иккинчи ярим йилида АҚШ да юз берган ва ҳозирда дунёнинг кўпгина мамлакатларини қамраб олган молиявий-иқтисодий инқироз республикамизда банкларни ликвидлигини қўллаб-қувватлаш, аҳоли омонатларини ҳимоялаш ва банкларга бўлган ишончини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар қўллашни тақазо этди.

Жумладан, мамлакатимиз Президентининг 2008 йил 8 ноябрдаги “Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларидаги омонатларини ҳимоялаш кафолатларини таъминлашга оид қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги қабул қилинган Фармони ушбу мақсадга қаратилган бўлиб, унга мувофиқ омонатларнинг миқдоридан қатъий назар, фуқароларнинг тижорат банкларидаги депозит ҳисобварақларидаги омонатлари бўйича тўла ҳажмда ҳақ тўланишини кафолатлаш тартиби ўрнатилди.

Шунгача амалдаги қонунда бир омонатчига кафолатли ҳақ тўлаб бериш ҳажми республикамиздаги энг кам ойлик иш хақининг 250 баробари миқдорида чегараланган булиб, ушбу Фармон билан бу чегара олиб ташланди.

Фармондан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг 10- моддасига, миқдоридан қатъий назар фуқароларнинг тижорат банклари депозит ҳисобварақларидаги омонатлари бўйича тўлиқ ҳажмда ҳақ тўлаш кафолатлари назарда тутилган тегишли ўзгартиришлар киритилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2008 йил 18 декабрдаги йиғилишида кўриб чиқилди ва қабул қилинди.

Бугунги кунда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган жами 29 тижорат банки жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодиёт миллий банки, “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Асакабанк”, “Агробанк” каби йирик банклар билан бир қаторда “Капиталбанк”, “Алп Жамол Банк”, “Универсалбанк” каби хусусий банклар ҳам Фонд ресстрига киритилган бўлиб, улардаги Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг омонатлари миқдоридан қатъий назар тўлиқ ҳажмда кафолатланган.

Мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг омонатларини жаҳон молиявий инқирозининг эҳтимол тутилган салбий оқибатларидан ҳимоялашнинг ишончли кафолатларини таъминлаш, мамлакат банк тизимига аҳолининг ишончини тобора мустаҳкамлаш ва аҳоли омонатларини тижорат банкларига жалб қилиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратилишига хизмат қилади.

 

Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди директори