“Бозор, Пул ва Кредит” журнали ‘02(141) ‘2009
АҲОЛИ МАНФААТДОРЛИГИНИНГ ИШОНЧЛИ КАФОЛАТИ
Мамлакатимизда аҳолининг бўш пул маблағларини банк омонатларига кенгроқ жалб қилиш, жозибадор омонатларни мунтазам жорий этиш орқали уларнинг манфаатдорлигини ошириш ҳамда энг муҳими омонатчиларнинг ишончини янада мустаҳкамлашга қаратилган қонунчилик базасини ҳар томонлама такомиллаштиришга алоҳида аҳамият берилмоқда.
Ўтган йил охирларида омонат миқдоридан қатъий назар, фуқароларнинг тижорат банклари депозит ҳисобварақларидаги омонатлари бўйича тўлиқ ҳажмда ҳақ тўлаш кафолатлари назарда тутилган «Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 10-моддасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси тайёрланди. Шу боис, биз ушбу қонунга бугунги давр талабидан келиб чиқиб қандай ўзгартиш ва қўшимчалар киритилаётганини шарҳлаб беришни сўраб, Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди директори Ўткир Ниғматовга мурожаат қилдик:
- «Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни Олий Мажлис томонидан 2002 йил апрель ойида қабул қилинган бўлиб, бу аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган қонунлардан ҳисобланади.
Қонундан кўзланган мақсад республика аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш, яъни, аҳолини банкларга бўлган қонуний талаблари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳамда аҳолининг банкларга бўлган ишончини ошириш ва ушбу йўл орқали уларнинг қўлидаги на эгасига ва на мамлакат иқтисодиётига фойда келтирмаётган бўш пул маблағларини банкларга молиявий ресурс сифатида жалб қилишдан иборат.
Қонунни яратишда дунёнинг ривожланган мамлакатлари илғор тажрибаларидан фойдаланилган бўлиб, ушбу қонун билан республикамизда аҳолини банклардаги омонатларини кафолатлаш тизимининг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди.
Ўн олти моддадан иборат бўлган мазкур қонун Ўзбекистон банкларида фуқароларнинг омонатларини кафолатлаш тизимини хуқуқий, молиявий ва ташкилий асосларини белгилаб беради. Шу жумладан, Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фондини ташкил этиш, унинг фаолият юритиши, пул маблағларини шакллантириш ва ишлатиш, кафолатлаш шарти юз берганда омонатларни тўлаб бериш муносабатларини тартибга солади.
Жумладан, қонуннинг биринчи моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси банкларидаги омонатлари ҳимояланиши баён этилган бўлиб, уни амалга ошириш мақсадида тўртинчи моддада Республикамизда Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди ташкил этилиши кўзда тутилган ва унинг асосий мақсади этиб, банклардан банк операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия чақириб олинган тақдирда фуқароларнинг банкдаги омонатлари бўйича ҳақ тўлашни ушбу қонунда назарда тутилган шартларда ва миқдорда кафолатлашдан иборатлиги белгиланган.
Фонд банклар билан ёзма равишда тузиладиган битимлар асосида ўз фаолиятини юритиши қонуннинг тўртинчи ва тўққизинчи моддаларида ёритилган бўлиб, уни бошқариш ва ижро органи ваколатлари қонуннинг бешинчи, олтинчи ва еттинчи моддалари билан белгиланган.
Фонд юридик шахс ҳисобланиб, қонуннинг тўртинчи ва саккизинчи моддаларига мувофиқ унинг мол мулки банкларнинг мажбурий бадаллари бу банклар томонидан фондга тўланадиган бир йўла, яни, унинг амалда шаклланган устав капитали миқдорининг 0,1 фоизи миқдоридаги ва йилнинг ҳар чорагида аҳоли омонатларининг ўртача қолдиғининг 0,5 фоизи миқдорида тўлаб бориладиган бадаллар ҳисобидан шакллантирилади.
Ушбу маблағлар фақатгина банкдан банк операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия чақириб олинган тақдирда ундаги омонатчилар маблағларини тўлаб бериш учун ишлатилади.
Қонуннинг тўққизинчи моддасига мувофиқ, банкларнинг фондга аъзо бўлиши мажбурий этиб белгиланган ва бугун республикамизда фаолият кўрсатаётган 30 та тижорат банкининг 29 таси фонд билан ёзма битим тузиб, фонд реестрига киритилган ва улардаги аҳоли омонатлари қонун асосида кафолатланган.
Қонуннинг қабул қилиниши, Фондни ташкил этилиши ва унга банкларни аъзо бўлиши аҳолини банкларга бўлган ишончини ошишига сабаб бўлди. Натижада, аҳолининг банклардаги омонатлари 2003 йил 1 январь ҳолатида 2002 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 1,8 баробарга ўсиши таъминланган бўлса, 2009 йил 1 январь ҳолатига келиб аҳолининг банклардаги омонатлари миқдори 1724 млрд. сўмни ташкил қилди ва 2008 йил бошидаги кўрсаткичга нисбатан 69 фоизга ўсишига эришилди.
Сифат ўзгаришлари нафақат омонатлар салмоғининг ўсишида, балки улар таркибида муддатли омонатларнинг салмоғи ўсишида ҳам кузатилади. Агарда, 2002 йил жами омонатлар ҳажмида муддатли омонатлар 37 фоизни ташкил қилган бўлса, ҳозирда у 78,5 фоизга тенг бўлмоқда. Бу ўз навбатида банкларда муддатли ресурсларнинг шаклланишига олиб келиб, улар томонидан ушбу маблағларни республикамизнинг реал секторига инвестиция қилиш ва қайта аҳолининг ўзига истеъмол кредитлари сифатида таклиф этиш имконини бераяпти.
Натижада иқтисодиётнинг реал секторига ажратилган кредитлар ҳажми 2008 йилда 34 фоиздан ошиб, 2009 йил 1 январь ҳолатига 6372 млрд. сўмни ташкил этди. Эътиборлиси, ушбу кредитларнинг 78,3 фоизи узоқ муддатли кредитлардир.
2008 йилнинг иккинчи ярмида юз берган ва ҳозирда дунёнинг кўпгина мамлакатларини қамраб олган молиявий инқироз республикамизда аҳолининг омонатларини ҳимоялаш ва банкларга бўлган ишончини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар қўллашни тақазо этди.
Мамлакатимиз Президентининг 2008 йил 28 ноябрдаги «Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларидаги омонатларини ҳимоялаш кафолатларини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4057-сонли Фармони айнан ушбу мақсадга қаратилган бўлиб, унга мувофиқ омонатларнинг миқдоридан қатъи назар, фуқароларнинг тижорат банклари депозит ҳисобварақларидаги омонатлари бўйича тўла ҳажмда ҳақ тўланишини кафолатлаш тартиби ўрнатилди. Шу вақтгача эса, амалдаги қонун бўйича бир омонатчига кафолатли ҳақ тўлаб бериш ҳажми республикамиздаги энг кам ойлик иш ҳақининг 250 баробари миқдорида чегараланган эди ва юқоридаги Фармон асосида ушбу чегара олиб ташланди.
Фармонга асосан фуқароларнинг омонатлари бўйича тўлиқ миқдорда ҳақ тўлаш тижорат банкларининг маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ тижорат банкларининг бадаллари ва ажратмалари ҳисобига шакллантирилган Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди ҳисобидан амалга оширилиши белгиланди. Фонд маблағлари ҳисобидан омонатчиларга ҳақ тўлаш ҳолати банкларни тугатилиши муносабати билан лицензияси чақириб олинган тақдирдагина юзага келади.
Фармондан келиб чиққан ҳолда Марказий банк, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар томонидан омонатлари миқдоридан қатъий назар, фуқароларнинг тижорат банклари депозит ҳисобварақларидаги омонатлари бўйича тўлиқ ҳажмда ҳақ тўлаш кафолатлари назарда тутилган «Ўзбекистон Республикаси «Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни 10-моддасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси тайёрланди ва Вазирлар Маҳкамаси орқали Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига тақдим этилди.
Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасини ўзининг 2008 йил 18 декабрдаги йиғилишида кўриб чиқиб, мазкур қонунни қабул қилди ва маъқуллаш учун Олий Мажлиснинг Сенатига тақдим этди.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу фармон ва унинг асосида ўзгартишлар киритилиб, такомиллаштирилаётган қонун Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг омонатларини жаҳон молиявий инқирозининг эҳтимол тутилган салбий оқибатларидан ҳимоялашнинг ишончли кафолатларини таъминлаш, мамлакат банк тизимига аҳолининг ишончини тобора мустаҳкамлаш ва аҳоли омонатларини тижорат банкларига жалб қилиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратилишига хизмат қилади.
Жасур Мирзаев ёзиб олди.
“Бозор, Пул ва Кредит” журнали ‘02(141) ‘2009