Семинарлар
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2016 йил 11 февралдаги 157-сонли фармойиши асосида феврал-март ойларида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди билан биргаликда аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг бўш пул маблағларини тижорат банклари депозитларига жалб қилиш ва уларни ҳимоялаш кафолатларига қаратилган Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, Президент Фармон ва Қарорларининг мазмун-моҳиятини, берилган имтиёзларни батафсил тушунтириш мақсадида тижорат банклари вакиллари, аҳолининг кенг қатлами, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига тушунтириш юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида республикамизнинг барча вилоятлари, Қорақалпоғистон республикаси ва Тошкент шаҳрида семинарлар ташкил этилди.
Мазкур семинар анжуманларида амалдаги қонун ҳужжатларининг қабул қилинганлиги банк тизимининг молиявий барқарорлигини янада ошириш, аҳолини банкларга бўлган ишончини ошириш, тижорат банклари депозитларига аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг бўш пул маблағларини жалб этишни янада рағбатлантириш, пул маблағларини банк айланмасига йўналтириш ва аҳоли даромадларини кўпайтириш, шунингдек, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини кенгайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши алоҳида аҳамиятга эгалиги таъкидланди.
Хусусан, жисмоний шахсларнинг тижорат банклари депозит ҳисобварақларига жойлаштирилган пул маблағлари давлат томонидан ҳимояланганлиги ва фуқароларнинг банклардаги омонатлари бўйича ҳақ тўлаш “Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тўлиқ ҳажмда амалга оширилиши белгиланганлиги аҳолининг тижорат банклардаги омонатлари ҳажмининг ошишига хизмат қилмоқда.
Семинарларда барча тижорат банкларининг вилоят, туман, шаҳар мутахассислари, маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ва омонатчилар иштирок этдилар.
Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш Фонди директори Қ.Тошматов томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки кредит ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш ва тартибга солиш департаменти мутахассислари билан биргаликда “Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, Президент Фармон ва Қарорларининг мазмуни, моҳияти ва уларда яратилган имтиёз ва қулайликлар, амалдаги ижроси ва самаралари батафсил тушунтириб берилди. Ушбу ўтказилган тадбирларда иштирокчиларга уларни қизиқтирган барча масалалар юзасидан батафсил маълумотлар берилди.